Оҳангарон туманида Хитой компаниялари билан инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-11-04 11:25:00 / Янгиликлар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов Хитой Халқ Республикасининг 10 дан ортиқ компанияси вакилларидан иборат делегацияни қабул қилиб, инвестициявий ҳамкорлик истиқболларига бағишланган музокаралар ўтказди.
Учрашувда хитойлик тадбиркорлар томонидан Оҳангарон туманида бир қатор йўналишларда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши, тоғ-кон саноати, сув технологиялари ва бошқа истиқболли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки таклифлар билдирилди.
Мулоқот давомида Баҳром Норқобилов меҳмонларга туманнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари, хомашё ресурслари, транспорт-логистика инфратузилмаси ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун яратилган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Хитой компаниялари вакиллари эса ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, туманда истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш, уларни амалга ошириш механизмлари, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ва зарур ташкилий масалалар юзасидан маълумотларга эга бўлдилар.
Учрашувда инвестиция лойиҳаларини амалий босқичга олиб чиқиш учун ҳар бир таклифни алоҳида ўрганиш, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш, зарур инфратузилма ва ресурслар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Самимий ва ишчан руҳда ўтган музокаралар якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, билдирилган таклифларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур учрашув Оҳангарон туманининг хорижий сармоядорлар билан ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва иқтисодиёт тармоқларига замонавий технологияларни жалб этиш йўлидаги навбатдаги муҳим мулоқотлардан бири бўлди.



