Янги лойиҳа қурилишининг биринчи босқичи якунланди
2026-11-03 14:10:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида қаттиқ маиший чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик инвестиция лойиҳасининг асосий биноси қурилиб, биринчи босқич ишлари якунига етказилди. Шу муносабат билан корхона ҳудудида тантанали тадбир ташкил этилди.
«Янги Ҳаёт» маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган мазкур лойиҳа мамлакатимизда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, маиший чиқиндиларни самарали бошқариш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Тантанали тадбирда туман ҳокими Баҳром Норқобилов, корхона вакиллари, масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда лойиҳани амалга оширишда иштирок этган мутасаддилар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Баҳром Норқобилов лойиҳанинг туман ва мамлакат иқтисодиёти, энергетика соҳаси ҳамда экологик муҳит учун аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия таъминоти имкониятларини кенгайтириш ва атроф-муҳитга тушаётган экологик юкни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, бундай йирик инвестициявий лойиҳалар ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши қайд этилди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида туман ҳокимлиги томонидан зарур ташкилий масалаларни ҳал этиш ва коммуникация инфратузилмаси билан боғлиқ йўналишларда кўмак кўрсатилгани таъкидланди.
Тадбир давомида корхона вакиллари лойиҳанинг амалга оширилиш жараёни, қурилиш ишларининг бориши, ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида маълумот бердилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 24-мартдаги ПҚ–116-сон қарори доирасида Хитойнинг «China CAMC Engineering» компанияси иштирокида амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 240 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилган.
Корхона йилига 912 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндини термик қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, натижада йил давомида 390 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Бу эса чиқиндиларни фақат утилизация қилиниши лозим бўлган маиший қолдиқ сифатида эмас, балки қайта ишлаш орқали иқтисодий қиймат яратиш мумкин бўлган ресурс сифатида баҳолаш имконини беради.
Лойиҳанинг кейинги босқичларида технологик ускуналарни ўрнатиш, тегишли монтаж ишларини амалга ошириш ва ишлаб чиқариш тизимини тайёрлаш бўйича ишлар давом эттирилади.
Ушбу йирик инвестиция лойиҳасининг тўлиқ амалга оширилиши чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, энергетика ресурсларини кўпайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва Оҳангарон туманининг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.









