Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг "Ички ишлар органлари ходимлари куни" муносабати билан байрам табриги
2026-10-24 09:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

ҲУРМАТЛИ ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИ ВА СОҲА ФАХРИЙЛАРИ!
Сизларни 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман!
Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини асраш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифаларни бажаришда сизларнинг хизматингиз алоҳида аҳамиятга эга.
Бугун ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти фақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш билан чекланиб қолмаяпти. Аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг муаммо ва мурожаатларига қулоқ тутиш, маҳаллаларда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ҳамда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бугунги хизмат фаолиятининг муҳим йўналишларидир.
Оҳангарон тумани ички ишлар бўлими ходимлари ҳам ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли хотиржамлигини асраш йўлида масъулият билан меҳнат қилиб келмоқда. Айниқса, профилактика инспекторларининг маҳаллаларда фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиши, оилалардаги муаммоларга эътибор қаратиши, ёшлар ва ижтимоий кўмакка муҳтож инсонлар билан ишлаши жамиятда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Энг муҳими, ички ишлар органлари ходимлари халқдан айро эмас, балки халқ билан ёнма-ён бўлиб, унинг дарди ва ташвишларига ҳамоҳанг яшаши, ҳар бир маҳаллада тинчликни таъминлашни ўзининг шарафли бурчи деб билиши лозим. Зеро, халқ ишончига сазовор бўлиш, фуқаролар билан самимий ва адолатли муносабат ўрнатиш, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини ҳис этиш — чинакам профессионалликнинг муҳим мезонидир.
Оҳангарон туманида осойишта ҳаётни таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида хизмат қилаётган барча ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона меҳнати, касбий маҳорати, жасорати ва садоқатини юксак қадрлайман. Зиммангиздаги масъулиятли вазифаларни виждонан адо этишингиз, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз алоҳида эътирофга муносиб.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, куч-ғайрат ва шарафли хизмат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Хизмат йўлидаги жасоратингиз ва фидойилигингиз доимо қадр топсин, оилаларингиздан файзу барака, хонадонларингиздан хотиржамлик аримасин.
Юртимиз тинч, халқимиз омон, маҳаллаларимиз осойишта бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!
Баҳром НОРҚОБИЛОВ,
Оҳангарон тумани ҳокими.
