Оҳангарон туманига наслдор қорамол етказиб бериш бўйича халқаро ҳамкорлик
2026-10-22 12:25:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов Австрияда бўлиб, наслчилик чорвачилиги соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, туман фермер хўжаликларига юқори маҳсулдор наслдор қорамолларни олиб келиш масалалари юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
Ташриф давомида туман раҳбари Австриянинг Штирия федерал еридаги етакчи наслчилик бирлашмаларидан бири, 5 278 та қишлоқ хўжалиги корхонасини бирлаштирган Rind Steiermark компанияси раҳбарларидан бири Георг Штайнер билан учрашди. Мулоқотда қорамоллар генетикасини такомиллаштириш, наслчилик қийматини баҳолаш ва наслдор ҳайвонлар савдосини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкорлик доирасида симментал, голштин ва қўнғир швиц зотларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, Баҳром Норқобилов Польшадаги Przedsiębiorstwo Holstein компанияси бошқаруви раиси Моника Решко билан учрашди. Халқаро савдо ва наслдор қорамоллар экспортига ихтисослашган мазкур компания Европа хўжаликларидан ҳайвонларни танлаш, ветеринария тайёргарлиги, экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш ва халқаро ташувларни ташкил этиш билан шуғулланади.
Музокараларнинг асосий мавзуси Европа наслдор қорамолларини Ўзбекистонга етказиб бериш бўлди. Бунда ҳайвонларнинг келиб чиқиши, генетик қиймати, соғлиғи ва маҳсулдорлик салоҳиятини инобатга олган ҳолда саралаш, шунингдек, туман фермер хўжаликларининг эҳтиёжларига мос зотларни танлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида туман ҳокими бир қатор фермер хўжаликларида бўлиб, наслдор қорамол етиштириш жараёнлари билан танишди.
Айни пайтда эришилган келишувлар доирасида Оҳангарон туманига наслдор қорамолларни олиб келиш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, «Azia Agro baraka» МЧЖга «Симентал» зотли 270 бош қорамол олиб келинди. Яқин вақтларда мазкур хўжаликка яна 230 бош наслли қорамол етказиб берилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, тумандаги бошқа фермер хўжаликлари учун ҳам 1 000 бошдан ортиқ наслли қорамол олиб келиш кўзда тутилган.





