Мўғулистондан "Баят" зотли қўйлар олиб келиш бошланди
2026-10-12 08:55:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасини ривожлантириш, наслдор чорва моллари бош сонини кўпайтириш ва тармоқдаги иқтисодий самарадорликни ошириш борасида амалий ишлар бошланди.
Жорий йилнинг июнь ойида Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов бошчилигидаги туман делегацияси Мўғулистонда бўлиб, ушбу давлатда етиштириладиган «Баят» зотли қўйларни туманга олиб келиш масаласида музокаралар олиб борган эди. Мазкур келишувлар чорвачилик йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва маҳаллий фермер хўжаликларида наслчилик ишларини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда ушбу келишувлар доирасида чорвадор фермерлар томонидан «Баят» зотли қўйларни олиб келиш ишлари бошланди. Жумладан, «Best Metall Construction» МЧЖ томонидан Мўғулистондан 2243 бош «Баят» зотли қўй Оҳангарон туманига олиб келинди.
Ушбу ташаббус чорвачиликда насл сифатини яхшилаш, фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тармоқнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган амалий қадамлардан биридир. Келгусида наслдор қўйларни кўпайтириш орқали чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ва фермерлар даромадларини кўпайтириш учун ҳам имкониятлар кенгайиши кутилмоқда.



