Оҳангарон туманида Ўзбекистон–Польша савдо уйи очилди
2026-10-07 12:25:00 / Пресс-тур

Оҳангарон туманида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим лойиҳа — Ўзбекистон–Полша савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар янги мазмун билан бойиб, ўзаро товар айирбошлаш ва экспорт-импорт операциялари кўлами кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2025-йил давомида Ўзбекистондан Польшага 115,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилингани икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалий натижаларидан биридир.
Польша Республикаси Ўзбекистоннинг Европа бозорларига чиқишида муҳим савдо ва логистика йўналишларидан бири сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни Европа давлатларига етказиб беришда Польша бозори ва логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш ва янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш борасида олиб борилаётган амалий ишлар натижасида Оҳангарон туманида яна бир муҳим инфратузилма объекти ишга туширилди.
Хусусан, Ангрен эркин иқтисодий зонасининг Оҳангарон туманидаги Ақча блокида Ўзбекистон–Польша савдо уйи, жумладан, логистика йўналишида фаолият юритувчи марказнинг очилиши муносабатларни янада ривожлантириш учун янги имкониятларни юзага келтиради.
Мазкур савдо уйи орқали икки давлат тадбиркорлари ўртасида бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳсулотларни сақлаш ва логистика жараёнларини самарали ташкил этиш, экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилмоқда.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов, Польша Республикаси делегацияси, тадбиркорлар ҳамда масъуллар иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, тадбиркорлар учун янги ҳамкорлик майдонларини яратиш ва Оҳангарон туманининг логистика ҳамда экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Янги савдо уйининг иш бошлаши Тошкент вилоятининг инвестициявий ва логистика имкониятларини кенгайтириш, маҳаллий тадбиркорларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, ташқи савдо ҳажмини ошириш ҳамда Ўзбекистон–Польша иқтисодий ҳамкорлигининг янги амалий йўналишларини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ушбу тадбир муносабати билан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.









