LG Group компанияси делегацияси билан музокаралар олиб борилди
2026-10-02 14:15:00 / Янгиликлар

Жанубий Корея Республикасининг LG Group компанияси делегацияси Оҳангарон туманида бўлиб, ҳудудда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ташрифнинг асосий мазмуни Оҳангарон тумани ҳудудида 160 гектар майдонда замонавий саноат технопарки ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини кўриб чиқиш, уни амалга оширишнинг ташкилий-техник шартларини белгилаш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши туманда янги саноат ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш, замонавий технология ва тажрибани жалб этиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Шунингдек, технопарк фаолиятининг йўлга қўйилиши янги иш ўринлари ташкил этиш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга йўналтириш орқали туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Туман ҳокими ўринбосари Сардор Усмонов LG Group делегацияси аъзолари — LG Electronics директори Kim, Justin, LG Electronics махсус гуруҳ раҳбари Baek, SeungHan, LG CNS махсус гуруҳ раҳбари Song, JiSung ҳамда LG Electronics шўба корхонаси президенти Lee, Sangcheolни қабул қилиб, инвестиция лойиҳаси юзасидан музокаралар ўтказди.
Учрашувда лойиҳани амалга ошириш учун танланган 160 гектар ер майдонининг жойлашуви, мавжуд инфратузилма имкониятлари ва унинг ишлаб чиқариш фаолияти учун қулайлиги атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, ҳудудни электр энергияси, табиий газ ва сув билан таъминлаш, автомобиль йўллари ва транспорт инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг ҳуқуқий ва ташкилий шартлари, инвестор учун яратиладиган имкониятлар, зарур инфратузилмани шакллантириш, лойиҳанинг кейинги босқичларини белгилаш ҳамда ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири — саноат технопарки фаолиятини йўлга қўйиш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ҳудудда саноат кооперациясини ривожлантириш имкониятидир. Бу эса маҳаллий корхоналарнинг йирик инвесторлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва иқтисодий фаолликни оширишга замин яратади.
Учрашув якунида лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари бўйича зарур ташкилий ва амалий чораларни белгилаш, инвестор вакилларига ҳудуддаги мавжуд имкониятлар ҳамда инфратузилма ҳақида қўшимча маълумотлар тақдим этиш, шунингдек, лойиҳани рўёбга чиқариш жараёнида юзага келадиган масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш бўйича келишувларга эришилди.



