Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов раислигида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди
2026-09-28 14:05:00 / Янгиликлар

Унда туманда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ҳамда фуқароларнинг доимий даромад манбаларини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилишнинг асосий масалаларидан бири камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўлди. Бу борада маҳаллалар кесимида олиб борилаётган ишлар, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни даромадли меҳнатга жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳар бир маҳаллада камбағалликдан чиқариш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси, аҳоли билан манзилли ишлаш ва натижадорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Масъулларга мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш, ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш ва аниқ натижага қаратилган чораларни кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда, шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларни бўш иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
Айниқса, ишсиз ёшларни аниқ рўйхат асосида ўрганиш, уларнинг қизиқиши ва салоҳиятидан келиб чиқиб, муносиб бандлик чораларини белгилаш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, ҳар бир йўналиш бўйича натижадорликни ошириш ва ижрони мунтазам назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.



