Коррупциянинг жамият ва шахсий карьерага таъсири
2026-09-23 11:10:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятда қонунийлик ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, меҳнат муносабатларида тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан туман «Ёшлар маркази»да корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида «Коррупциянинг жамият ва шахсий карьерага таъсири» мавзусида семинар ташкил этилди.
Унда республика ишчи гуруҳи вакили, Оҳангарон тумани прокурори ўринбосари, туман Адлия бўлими бошлиғи ўринбосари ҳамда вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси вакили иштирок этиб, мавзу доирасида маърузалар қилди.
Семинарда коррупциянинг нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий ва касбий оқибатлари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Хусусан, «Коррупциянинг ҳуқуқий оқибатлари ва жамият барқарорлигига хавфи» мавзусидаги маърузада коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга олиб келувчи омиллар, соҳадаги статистик маълумотлар ва таҳлилий натижалар хусусида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, коррупция билан боғлиқ қонунбузарликнинг инсоннинг шахсий ва касбий ҳаётига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ҳолатлар шахсий карьерага путур етказиши, меҳнат фаолиятидаги имкониятларга салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, инсоннинг оиласи ва яқинлари шаънига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Тадбирнинг яна бир муҳим йўналиши «Адолатли бандлик, ҳалол меҳнат ва меҳнат бозорида тенг имкониятлар» мавзусига бағишланди. Унда давлат хизмати ва меҳнат муносабатларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қарор қабул қилиш жараёнларида холисликни таъминлаш, барча фуқаролар учун тенг меҳнат имкониятларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчиларга касбий ўсишнинг қонуний ва ҳалол меҳнат, билим ҳамда малакага асосланган бўлиши, меҳнат муносабатларида адолат ва тенглик тамойилларига риоя этиш нафақат ходимнинг шахсий манфаатларига, балки ташкилот самарадорлиги ва жамият фаровонлигига ҳам бевосита таъсир қилиши тушунтирилди.
Семинар доирасида «Коррупциясиз муҳит ва шаффофлик тамойиллари» мавзусида ҳам фикр алмашилди. Ташкилотларда очиқликни таъминлаш, қарорлар қабул қилишда шаффофликни кучайтириш, коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича масъулиятни ошириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоблар берилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган савол-жавоблар давомида коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви, меҳнат муносабатларида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.





