Шахсга доир маълумот: ишонч, масъулият ва қонун
2026-09-18 11:45:00 / Янгиликлар

Шахсга доир маълумотларни тарқатиш — «шунчаки хабар бериш» эмас, инсон ҳуқуқига дахл қилишдир
Бугун ахборотни бир инсондан бошқасига етказиш ниҳоятда осон. Телефондаги бир тугма, Telegram'даги бир хабар, ижтимоий тармоқдаги бир пост — ва маълумот бир зумда ўнлаб, юзлаб, ҳатто минглаб одамларга етиб бориши мумкин. Аммо ахборотни тарқатиш осонлашгани сайин, уни тарқатиш масъулияти ҳам ортмоқда.
Айниқса, бошқа инсонга тегишли шахсий маълумотлар ҳақида гап кетганда бу масалага оддий кундалик одат сифатида қараш мумкин эмас.
Кимнингдир телефон рақами, яшаш манзили, паспорт ёки ID-карта маълумотлари, оилавий ҳолати, шахсий фотоси, овоз ёзуви, иш жойи, электрон манзили ёки инсонни аниқлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар — унинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ маълумотлардир. Бундай маълумот сизга маълум бўлгани билан у сизники бўлиб қолмайди.
Аксинча, агар инсон сизга ўз маълумотини ишонч билдириб айтган бўлса, бу ишонч уни бошқаларга тарқатиш учун берилган рухсат эмас.
Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни айнан шу муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. Қонуннинг 28-моддасида шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги белгиланиб, шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмаган ҳолда бундай маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.
Бу норма жуда муҳим бир ҳақиқатни англатади: биров ҳақидаги маълумотни билиш — уни тарқатиш ҳуқуқига эга бўлиш дегани эмас.
Масалан, Telegram гуруҳида кимдир «фалон кишининг телефон рақами кимда бор?» деб сўраши мумкин. Рақамни билган одам эса уни гуруҳга ёзиб қўяди. Ёки кимдир бошқа бир инсоннинг паспорт маълумотлари туширилган ҳужжат расмини «керакли одамларга» деб гуруҳга ташлайди. Бошқа биров танишининг шахсий суратини унинг розилигисиз ижтимоий тармоққа жойлайди.
Бундай ҳаракатларнинг барчасини «ёрдам бердим», «ёмон ниятим йўқ эди», «фақат танишлар кўради», «гуруҳ ёпиқ эди» деган гаплар билан изоҳлаш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Чунки ҳуқуқий нуқтаи назардан асосий савол бошқа: бу маълумотни ошкор қилиш ёки тарқатишга шахснинг розилиги борми ёки қонунда назарда тутилган бошқа қонуний асос мавжудми?
Қонун шахсга доир маълумотларни «бериш» ва «тарқатиш» тушунчаларини ҳам ажратади. Муайян шахсга маълумотни ошкор қилиш — бериш, номаълум доирадаги шахсларга ошкор қилиш, жумладан Интернетга жойлаштириш ёки ундан фойдаланиш имконини бериш эса тарқатиш ҳисобланади.
Демак, «мен унинг маълумотини фақат битта одамга бердим» деган ҳолат билан «уни Telegram гуруҳига ташладим» деган ҳолатни бир хил деб бўлмайди. Иккинчи ҳолатда маълумот янада кенг доирага чиқиб кетади ва унинг кейин қаерларга тарқалишини назорат қилиш деярли имконсиз бўлиб қолади.
Энг муҳими, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш фақат давлат органлари, ташкилотлар ёки катта компанияларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар бир инсоннинг кундалик маданияти ва масъулиятига ҳам дахлдор.
Чунки бугун сизга ишониб айтилган маълумот эртага бошқа бировнинг қўлида пайдо бўлиши мумкин. Бугун бировнинг телефон рақамини рухсатсиз тарқатган одам эртага ўз рақамининг худди шу тарзда гуруҳларга тарқалишидан норози бўлиши мумкин. Бугун кимнингдир шахсий суратини тарқатаётган инсон эртага ўзининг шахсий ҳаётига оид маълумотлар оммага чиқиб кетганда бунинг қанчалик нохуш эканини англайди.
Шунинг учун масалага «бундан нима бўларди?», деган қараш билан эмас, «бу маълумот менга тегишлими ва уни тарқатишга ҳаққим борми?», деган савол билан ёндашиш керак.
Қонунчиликда бундай талабларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46²-моддаси шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, сақлаш, улардан фойдаланиш, бериш, тарқатиш ва узатиш каби ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутади. Амалдаги нормага кўра, бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга эса эллик баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.
Айрим ҳолатларда шахсий ёки оилавий сирни ташкил этувчи шахсий ҳаёт тўғрисидаги маълумотларни шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш ҳам алоҳида жавобгарликка сабаб бўлади.
Албатта, қонунчиликда шахснинг розилигисиз маълумотларга ишлов бериш мумкин бўлган айрим қонуний асослар ҳам мавжуд. Масалан, қонун талабини бажариш, муайян ҳуқуқий муносабатларни амалга ошириш каби ҳолатлар шулар жумласидандир. Шу боис ҳар қандай маълумотни ҳар қандай вазиятда фақат розилик билангина бериш мумкин, деган умумий хулоса ҳам тўғри эмас. Муҳими — маълумотни ошкор қилиш учун қонуний асос бор-йўқлигини англаш.
Аммо оддий фуқаролик муносабатларида бунинг энг ишончли қоидаси бор. Агар маълумот сизга тегишли бўлмаса ва уни бошқага беришга эгасининг розилиги борлигини билмасангиз уни тарқатманг!
Аввало, маълумот эгасидан сўранг. Зарур бўлса, маълумотни сўраётган инсоннинг алоқа маълумотини унинг эгасига етказинг ва уларнинг ўзлари боғланишига имконият яратинг. Бу ортиқча эҳтиёткорлик эмас. Бу — инсонни ҳурмат қилиш.
Ахборот асрида ҳуқуқий маданият, аввало, нимани билишимизда эмас, нимани тарқатмаслигимизни билишимизда намоён бўлади.
Шунинг учун ҳар биримиз оддий бир қоидани ёдда тутишимиз керак. Бировнинг шахсий маълумоти — умумий фойдаланиш учун берилган ахборот эмас. Унинг ортида инсоннинг шахсий ҳаёти, дахлсизлиги, шаъни ва қонуний манфаатлари турибди. Ишонч билан сизга берилган маълумотни асраш уни тарқатишдан кўра каттароқ масъулиятдир.
Келинг, ҳар бир хабарни юборишдан, ҳар бир маълумотни гуруҳга ташлашдан, ҳар бир фотосуратни тарқатишдан олдин бир лаҳза тўхтайлик ва ўзимиздан сўрайлик: «Бу маълумотни тарқатишга менинг ҳаққим борми?»
Агар жавоб аниқ бўлмаса — тарқатманг! Чунки бир тугмани босишга бир сония кетади. Аммо инсоннинг бузилган шахсий дахлсизлигини тиклаш анча қийин.
Элёр ЎТБОСОВ, Оҳангарон тумани ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.
