Еттинчи чақириқ Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг 32-сессияси бўлиб ўтди
2026-09-16 16:10:00 / Янгиликлар

Еттинчи чақириқ Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг 32-сессияси бўлиб ўтди. Унда туманда аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик фикри асосида шаклланган лойиҳаларни молиялаштириш, депутатлик одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш ҳамда ҳудуддаги ижтимоий ва инфратузилмавий масалаларни ҳал этишга қаратилган қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Сессия кун тартибидан тўртта масала ўрин олди.
Дастлаб Оҳангарон туманида 2026-йил иккинчи мавсумида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнлари якунлари муҳокама қилинди. Маълумки, мазкур жараёнлар орқали фуқаролар ўз ҳудудларидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларини илгари суриш, уларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш ва овоз бериш орқали қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса бюджет маблағларини аҳоли учун энг зарур бўлган йўналишларга йўналтиришда фуқароларнинг бевосита иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Сессияда 2026-йил иккинчи мавсумида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида энг кўп овоз тўплаб, ғолиб деб топилган таклифларни амалга ошириш учун “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”дан маблағлар ажратиш масаласи кўриб чиқилди.
Шунингдек, ташаббусли бюджет жараёнларида юқори натижа қайд этган, бироқ белгиланган мезонлар асосида ғолиблар қаторига кирмаган лойиҳани қўшимча тарзда ғолиб деб эълон қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 2026-йил иккинчи мавсумида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида 1 112 та овоз тўплаган, аммо ғолиб деб топилмаган кейинги ўриндаги лойиҳани қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилиш ва унга маблағ йўналтириш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, депутат ташаббусига кўра қўшимча равишда ғолиб деб топилган лойиҳаларни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириш масаласи ҳам сессия кун тартибидан ўрин олди.
Сессия давомида депутатлик фаолиятини самарали ташкил этиш, халқ вакилларининг ўз вазифаларини бажаришда амал қилиши лозим бўлган меъёрларни янада такомиллаштиришга қаратилган масала ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг 2023-йил 21-июлдаги “Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгаши депутатларининг Одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги VI-85-69-10-134-К/23-сонли қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Мазкур ўзгартиришлар депутатларнинг одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиши, депутатлик мақомидан келиб чиқадиган масъулиятни янада тўлиқ англаши ва халқ вакили сифатидаги фаолиятини белгиланган талаблар асосида ташкил этиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Сессияда, шунингдек, “Оҳангарон туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаси маблағларини йўналтириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Унда жамғарма маблағларидан ҳудуддаги ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этиш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли учун қулай шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган мақсадларда самарали фойдаланиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги ҳар бир масала юзасидан депутатлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тегишли таклифлар муҳокама қилинди. Муҳокамалар якунига кўра, кун тартибига киритилган масалалар бўйича халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.








