РАСМИЙ АХБОРОТ
2026-08-28 14:30:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда ҳудудларни комплекс ободонлаштириш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида туманда амалга оширилаётган қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишлари натижасида жами 51 та ижтимоий, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.
Хусусан:
– 5 та умумтаълим мактаби биноси;
– 3 та мактабгача таълим ташкилоти;
– 4 та замонавий спорт зали;
– 1 та мини-футбол майдончаси;
– 1 та спорт комплекси;
– 4 та тиббиёт маскани;
– 3 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси;
– 3 та «Нуронийлар маскани»;
– 3 та кичик тикув корхонаси;
– 2 та маиший хизмат кўрсатиш корхонаси;
– 2 та аёллар соғломлаштириш маркази;
– 2 та ўқув маркази;
– 1 та автомактаб;
- 1 та намунали кўча;
– 3 та саноат ишлаб чиқариш корхонаси;
– 10 та чорвачилик комплекси;
– 1 та йирик паррандачилик комплекси;
- 2 та сайёҳлик дам олиш маскани фойдаланишга топширилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур объектлар туманнинг турли ҳудудларида, жумладан, олис ва тоғли маҳаллаларда ҳам барпо этилди. Бу эса бунёдкорлик ишларининг қамрови кенглигидан, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб инфратузилмани яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур янги объектларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида туманда жами 460 та янги иш ўрни яратилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва ҳудудда янги иқтисодий имкониятларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.,
Энг муҳими, бу бунёдкорлик ишларининг замирида инсон манфаати, аҳолига қулай шароит яратиш, ёшлар учун муносиб таълим ва спорт муҳитини шакллантириш, хотин-қизлар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Оҳангарон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.









