ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди
2026-08-25 18:10:00 / Пресс-тур

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Оҳангарон туманида ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш, ижтимоий соҳа объектларини модернизация қилиш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Шу муносабат билан бугун туман ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида махсус пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турдан кўзланган асосий мақсад — мустақиллик байрами арафасида туманда барпо этилган ва реконструкция қилинган янги объектлар, ишга туширилган замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда аҳоли учун яратилган янги имкониятларни ОАВ вакилларига бевосита жойига чиққан ҳолда намойиш этиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
Пресс-тур доирасида журналист ва блогерлар туманда сўнгги даврда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар. Хусусан, бир қатор маҳаллаларда янгидан қурилган ва замонавий талаблар асосида таъмирланган маҳалла фуқаролари йиғинлари бинолари, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган ижтимоий соҳа объектлари фаолияти намойиш этилди.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, болаларнинг таълим-тарбияси ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қиладиган спорт иншоотларида амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Янги ва таъмирланган объектларда яратилган шароитлар, замонавий жиҳозлар ҳамда аҳоли, айниқса, ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Пресс-тур дастуридан туманда иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилаётган ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиш ҳам ўрин олди. ОАВ вакилларига янги корхоналарда йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари, яратилган шароитлар, ишлаб чиқариш қувватлари ва аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Шу билан бирга, туманнинг аграр салоҳиятини юксалтириш, чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, замонавий хўжаликларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам пресс-тур иштирокчиларининг эътиборида бўлди. Янги чорвачилик ва паррандачилик комплексларида яратилган имкониятлар, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда келгусидаги режалар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур пресс-тур туман ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини шунчаки санаб ўтиш эмас, балки уларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугун Оҳангарон туманида фойдаланишга топширилаётган ҳар бир янги объект ортида аҳоли учун қулайлик, янги иш ўринлари, таълим ва спорт учун имкониятлар, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва ҳудудларни янада обод қилиш мақсади мужассам.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар объектларнинг фаолияти билан танишиб, масъуллардан батафсил маълумотлар олиш, аҳоли ва соҳа вакиллари билан суҳбатлашиш ҳамда амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликка холис ахборот етказиш имкониятига эга бўлдилар.
Мазкур тадбир орқали мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Оҳангарон туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янги объектлар ва иқтисодий лойиҳаларнинг натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилди.
Энг муҳими, пресс-тур давомида намойиш этилган ҳар бир объект юртимизда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг Оҳангарон туманидаги амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари қуйидаги объектларнинг очилиш маросимида иштирок этишди:
– "Ғаллақудуқ" маҳалласида "Best Metal Construction" МЧЖ томонидан ташкил этилган чорвачилик комплекси;
– "Қизилой" МФЙ биносининг очилиши;
– "Қизилой" маҳалласида бунёд этилган спорт мажмуаси;
– 40-мактаб биноси ҳамда очиқ турдаги футбол майдончасининг очилиш маросими;
– "Сусам" МФЙ биносининг очилиши;
– "Илк ривожланиш маркази" биносининг очилиши;
– 51-мактаб биносининг очилиши;
– "Rustam Agro" МЧЖ томонидан ташкил этилган паррандачилик комплекси очилиши;
– "Телов" маҳалласидаги 38-сонли оилавий поликлиника биносининг очилиши;
– "Увак" МФЙ биносининг очилиши;
– "Увак" маҳалласида ташкил этилган хусусий оилавий нодавлат мактабгача таълим ташгкилотининг очилиши.









