Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-08-10 14:55:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотлар давом эттирилиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиш, таклифларини тинглаш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган муаммоларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навбатдаги очиқ мулоқот Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Шавкатжон Турдимов иштирокида ўтказилди.
Унда асосан А-373 халқаро магистрал йўли бўйида ўз лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар ўз фаолиятини кенгайтириш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида учраётган муаммолар, мавжуд инфратузилма ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат ва таклифларини билдирди.
Ҳар бир масала масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва лойиҳаларни белгиланган тартибда амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, очиқ мулоқотда А-373 халқаро магистрал йўли бўйида амалга оширилаётган ҳар бир инвестициявий ва тадбиркорлик лойиҳаси нафақат иқтисодий самарадорлик, балки ҳудуднинг умумий қиёфаси ва инфратузилмасига таъсири нуқтаи назаридан ҳам муҳим экани таъкидланди.
Шу муносабат билан тадбиркорларга қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишда шаҳарсозлик нормалари ва белгиланган талабларга қатъий риоя этиш, объектлар атрофини тартибга келтириш, йўл бўйи ҳудудларининг ободлиги ва санитария ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Айниқса, туман ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А-373 магистрал йўли бўйида жойлашган тадбиркорлик объектлари Оҳангароннинг ўзига хос «кириш дарвозаси» вазифасини бажариши инобатга олиниб, уларнинг ташқи кўриниши, атроф-муҳит билан уйғунлиги ва йўл бўйи ҳудудининг ободлигига масъулият билан ёндашиш лозимлиги қайд этилди.
Мулоқот якунида билдирилган таклиф ва мурожаатларнинг ҳар бири бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.









