Оҳангарон туманида 30 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинди
2026-08-05 12:40:00 / Янгиликлар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов Хитойнинг "Jiangsu Yiershi Group" компанияси вакилларини қабул қилди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда туман ҳудудида янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари юзасидан дастлабки музокаралар ўтказилди.
Музокаралар давомида хитойлик инвесторлар томонидан умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлган электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилди. Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 20 гектар ер майдони талаб этилади.
Мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида юқори ва паст кучланишли комплект тақсимлаш қурилмалари, блокли трансформатор подстанциялари, тақсимлаш шкафлари ва электр тақсимлаш щитлари, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) объектлари ҳамда энергияни сақлаш тизимлари учун замонавий электротехника ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Учрашувда туман ҳокими Баҳром Норқобилов Оҳангарон туманининг инвестицион салоҳияти ва қулай бизнес муҳити ҳақида тўхталиб, ҳудудда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги, инвесторларга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини билдирди.
Музокаралар якунида лойиҳани жойлаштириш учун туманнинг бир нечта ҳудудларидан муқобил ер майдонларини таклиф этиш, шунингдек, ташкилий ва техник масалаларни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Томонлар ушбу истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан музокаралар ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.



