Оҳангарон туманида 80 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинди
2026-07-20 11:30:00 / Янгиликлар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов Хитойнинг SUNVERA SOLAR PTE. LTD. компанияси вакилларини қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва туманда замонавий саноат лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Музокаралар давомида хорижлик инвесторлар умумий қиймати 80 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаси тақдимотини ўтказди. Лойиҳа доирасида Оҳангарон туманида қуёш батареяларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Инвесторлар томонидан лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун тахминан 8 гектар ер майдони талаб этилиши қайд этилди. Шу муносабат билан туман ҳокимлиги лойиҳани амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдириб, инвесторларга саноат зонаси ҳудудидан муносиб ер майдонлари таклиф этилиши маълум қилинди.
Учрашувда лойиҳанинг техник ва ташкилий жиҳатлари, ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма имкониятлари ҳамда ҳамкорликнинг кейинги босқичлари юзасидан дастлабки фикр алмашилди.
Томонлар мазкур инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Музокаралар кейинги босқичларда ҳам изчил тарзда давом эттирилиши режалаштирилган.



