ЮРТ ОБОДЛИГИ ХОНАДОНЛАРИМИЗДАН БОШЛАНАДИ!
2026-07-17 18:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли оҳангаронликлар!
Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, маҳаллаларимиз янада обод ва файзли масканларга айланмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳар бир маҳаллада тинчлик, фаровонлик ва ободликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бугун Оҳангарон туманида ҳам ушбу эзгу мақсадлар йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги йўллар қурилмоқда, ичимлик суви, электр таъминоти ва бошқа инфратузилма объектлари яхшиланмоқда, маҳаллаларимизда ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Албатта, бу ўзгаришлар ҳар биримиз учун ғурур ва масъулият ҳиссини янада оширади.
Азиз юртдошлар!
Яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами барчамиз учун улуғ ва қутлуғ сана ҳисобланади. Бу байрамни муносиб кутиб олиш, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш аввало ўз маҳалламиз, кўчамиз ва хонадонимиздан бошланади.
Шу муносабат билан барча фуқароларимиз, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар, тадбиркорлар ва меҳнат жамоаларини умумий ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишга чақираман.
Келинг, ҳар биримиз яшаб турган кўча ва хонадон атрофини тартибга келтирайлик, дарахтлар ва гулларга парвариш кўрсатайлик, ариқ-зовурларни тозалайлик, ҳашарларда фаол қатнашайлик. Покиза муҳит – аҳоли саломатлиги, файзли маҳалла ва юксак маданиятнинг энг муҳим белгисидир.
Обод маҳалла – бу фақатгина давлат томонидан амалга оширилаётган ишлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ўз яшаш манзилига бўлган меҳри, масъулияти ва дахлдорлигининг ёрқин ифодасидир. Бирлашган халқнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Ана шу аҳиллик ва ҳамжиҳатлик туфайли Оҳангарон туманимиз янада кўркам, файзли ва яшаш учун қулай ҳудудга айланишига ишонаман.
Қадрли тумандошлар!
Барчангизни мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида ўтказиладиган ободонлаштириш ва ҳашар тадбирларида фаол иштирок этишга, маҳаллаларимиз, кўчаларимиз ва хонадонларимизни янада озода ва кўркам қилишга чақираман.
Баҳром НОРҚОБИЛОВ, Оҳангарон тумани ҳокими.
