Оҳангаронда куркачилик ривожлантирилмоқда
2026-07-06 09:20:00 / Янгиликлар

Бу борада ҳар бир маҳалла кесимида имкониятлар ўрганилиб, қизиқиш билдирган ёшлар билан манзилли ишлар ташкил этилди. Амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунда тумандаги 31 та маҳалланинг 30 тасида 82 нафар ёш томонидан куркачилик фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда мазкур ёшлар томонидан 1 800 дан ортиқ хонаки, шунингдек, юқори маҳсулдорликка эга бўлган «БИГ-6» ва «Бронза-708» зотли куркалар парвариш қилинмоқда. Бу эса нафақат ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиш, балки оилаларнинг даромадини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Куркачиликнинг иқтисодий самарадорлиги юқори бўлиб, унинг асосий афзалликларидан бири бозорда курка гўштига бўлган барқарор талаб ҳисобланади. Курка гўшти парҳезбоп маҳсулот сифатида юқори баҳоланади. Унинг таркибида оқсил миқдори юқори, ёғ ва углеводлар миқдори эса нисбатан кам бўлиб, аҳоли ўртасида истеъмол ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Курканинг биологик хусусиятлари ҳам мазкур йўналишнинг иқтисодий жиҳатдан самарали эканлигини кўрсатади. Курка 7–8 ойда вояга етиб, йил давомида ўртача 30–40 та тухум қўяди. Табиий шароитда битта курка 20–30 тагача тухум босиб, тахминан 28–30 кунда жўжа очади. Вояга етган курка биринчи йилда 4–6 килограмм, иккинчи йилда эса 12 килограммгача вазн тўплайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, агар хўжаликда 15 бош мода ва 2 бош нар курка парвариш қилинса ҳамда улардан 200 та жўжа олинса, шундан ўртача 150 таси вояга етганда ҳар бири 4 килограммдан жами 600 килограмм гўшт олиш имконияти мавжуд бўлади. Бугунги бозор нархларида 1 килограмм курка гўштининг ўртача қиймати 110 минг сўмни ташкил этишини ҳисобга олганда, ялпи тушум 66 миллион сўмга етади.
Мазкур давр мобайнида озуқа, ветеринария тадбирлари ва бошқа харажатлар учун ўртача 8–10 миллион сўм маблағ сарфланади. Табиий яйлов ва эркин парвариш усулидан фойдаланилганда ушбу харажатлар 3–5 миллион сўмгача қисқаради. Натижада, барча харажатлар чегирилганидан кейин, ўртача 50–55 миллион сўм соф даромад олиш имконияти мавжуд. Бу кўрсаткич куркачиликни ёшлар учун юқори даромад келтирувчи фаолият турларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Туманда интенсив технология асосида парвариш қилинаётган «БИГ-6» ва «Бронза-708» зотли куркалар ҳам юқори иқтисодий самара бермоқда. Айниқса, «Бронза-708» зоти қисқа муддатда катта вазн тўплаши билан ажралиб туради.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида ҳамкор ташкилотлар билан манзилли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, туманга бириктирилган «Туронбанк» АТБ бошқаруви раиси ташаббуси билан 5 нафар ишсиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшга ҳомийлик асосида ҳар бирига «Бронза-708» зотли куркалар ҳамда бир ойлик озуқа захираси етказиб берилди.
Ушбу лойиҳанинг дастлабки натижалари ижобий бўлмоқда. Мазкур зотдаги куркалар 6 ой мобайнида 25–30 килограммгача вазн тўплайди. Амалдаги ҳисоб-китобларга кўра, 20 бош куркани ўртача 20 килограмм тирик вазнда парвариш қилиб, бозорда 1 килограммини 120 минг сўмдан сотиш орқали 48 миллион сўмлик тушум олиш мумкин. Олти ойлик озуқа ва бошқа харажатлар ўртача 8 миллион сўмни ташкил этганда, бир хўжаликнинг 20 бош куркадан 40 миллион сўмгача соф даромад олиши мумкинлиги амалда ўз тасдиғини топмоқда.
Бу эса мазкур йўналишни ишсиз ёшларни банд қилиш, кам даромадли оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашнинг энг мақбул йўналишларидан бири сифатида ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда туманда куркачиликни янада оммалаштириш, янги талабгорларни жалб қилиш, наслдор паррандалар сонини кўпайтириш, ветеринария хизматлари қамровини кенгайтириш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2027 йил учун белгиланган режаларга мувофиқ, мазкур йўналишдаги кўрсаткичларни жорий йилга нисбатан камида тўрт баробарга ошириш мақсад қилинган. Бунинг натижасида яна кўплаб ёшларнинг доимий бандлиги таъминланиши, аҳоли даромадлари ошиши ва туманда паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада кўпайтиришга эришилади.
Умуман олганда, Оҳангарон туманида куркачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Келгусида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар тизимли давом эттирилиб, соҳанинг иқтисодий самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилади.





