"Ҳокимлик соати" йиғилиши ўтказилди
2026-07-01 18:00:00 / Мажлислар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов раислигида навбатдаги "Ҳокимлик соати" йиғилиши ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул мутасаддилар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида вилоят ҳокими томонидан ўтказилган "Ҳокимлик соати" муҳокамаларида белгиланган устувор вазифалар юзасидан туманда амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, 2026-йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди. Иқтисодий ўсиш суръатлари, белгиланган прогноз кўрсаткичларининг ижроси, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда кўрсаткичларни янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, туманга жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтириш билан боғлиқ масалалар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Масъул раҳбарларга мавжуд захиралардан тўлиқ фойдаланиш, инвесторлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-майдаги "Тошкент вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 165-сон қарори ижросининг бориши ҳам муҳокама қилинди. Қарорда белгиланган вазифаларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш, ижро интизомини кучайтириш ва ҳар бир топшириқнинг сифатли бажарилиши юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, ёшлар билан ишлаш тизимини янада ривожлантириш, вазиятлар марказини ташкил этиш, “Бир ойда тўрт маҳалла” тамойили асосидаги ишларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида туман ҳокими Баҳром Норқобилов барча соҳаларда белгиланган кўрсаткичларга эришиш, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир вазифани аниқ режа асосида амалга ошириш ҳамда аниқ натижага йўналтирилган иш услубини йўлга қўйиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва тавсиялар берди.





