Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг табрик нутқи
2026-07-01 15:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Аввало, барчангизни Оҳангарон туманида жорий йилги ғалла ҳосилини йиғиб-териб олиш бўйича белгиланган давлат режаси бажарилгани билан самимий муборакбод этаман.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимиз дастурхони тўкинлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Бу ютуқлар, энг аввало, ерга меҳр қўйиб, ҳар бир бошоқни ризқ деб билган меҳнаткаш инсонларнинг ҳалол ва фидокорона меҳнати натижасидир.
Оҳангарон тумани миришкорлари ҳам жорий йилги ғалла мавсумида катта масъулият ва юксак уюшқоқлик билан меҳнат қилиб, муносиб натижаларни қўлга киритдилар. Туманда 5070 гектар ер майдонида ғалла парваришланди.
Мавсум якунларига кўра, туман учун белгиланган 14 467 тонналик режа амалда 14 626 тоннага етказилиб, ғалла тайёрлаш кўрсаткичи 101,3 фоизни ташкил этди.
Бу натижалар замирида юрт равнақига дахлдорлик туйғуси, меҳнатга садоқат, ерга эътибор ва энг муҳими, инсон омилига бўлган юксак ҳурмат мужассам. Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган барча меҳнаткашларимиз ушбу мавсумда ҳам ўзларининг юксак малакаси, сабр-тоқати ва матонатини яна бир бор намоён этдилар.
Айниқса, жорий мавсумда “Мелибоев Муҳаммад”, “Одилжон улкан орзуси”, “Оҳанг мўъжиза боғлари”, “Оҳангарон Мақсуда файз”, “Имрон Шоҳрўза боғлари”, “Ширин олмалар”
каби фермер хўжаликлари юқори ҳосилдорликка эришиб, бошқаларга ибрат бўладиган натижаларни қўлга киритдилар. Уларнинг самарали меҳнати ва бой тажрибаси бутун туманимиз аграр соҳаси ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Фурсатдан фойдаланиб, ғалла ўрим-йиғимида иштирок этган барча фермерларимиз, механизаторлар, комбайнчилар, ҳайдовчилар, агрономлар, сувчилар, соҳа мутахассислари, кластерлар жамоалари ҳамда мавсумни уюшқоқлик билан ўтказишга ҳисса қўшган барча ташкилот ва идоралар ходимларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.
Ишончим комилки, сиз азизлар келгусида ҳам юксак меҳнатсеварлик ва ташаббускорлик билан янги марраларни забт этиб, Оҳангарон туманининг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада юксалтириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида муносиб ҳисса қўшишда давом этасизлар.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларингизга файзу барака, эзгу ишларингизга улкан зафарлар тилайман.
Ҳурмат билан,
Баҳром НОРҚОБИЛОВ, Оҳангарон тумани ҳокими.
