Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг матбуот ва ОАВ ходимларига байрам табриги
2026-06-27 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Азиз журналистлар, муҳтарам матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сизларни 27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Жамият ҳаётида юз бераётган муҳим воқеа ва жараёнларни холис ва тезкор ёритиш, аҳоли билан давлат ўртасида ишончли мулоқотни таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда сизларнинг меҳнатингиз беқиёс аҳамият касб этади. Ҳар бир мақола ва таҳлилий материал ортида юксак масъулият, фидойилик ва касбга садоқат мужассам.
Оҳангарон тумани ҳаётидаги янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ҳамда аҳолининг дарду ташвишларини кенг ёритишда фаол иштирок этиб келаётган барча оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлик билдираман. Сизларнинг холис ва масъулиятли фаолиятингиз очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ва фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шу ўринда, туманимизнинг ягона босма нашри ҳисобланган "Оҳангарон ҳаёти" газетаси таҳририяти жамоасининг кўп йиллик самарали фаолияти ҳам алоҳида эътирофга лойиқлигини таъкидлашимиз лозим. Газета саҳифаларида туман ҳаётининг муҳим воқеалари, меҳнаткаш инсонларнинг ютуқлари, миллий қадриятларимиз ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик мавзуларни ёритиш орқали таҳририят жамоаси аҳолининг ишончли ахборот манбаи сифатида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, ижодий парвоз, касбий фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, янги ғоялар ва юксак ютуқлар тилайман. Қаламингиз ўткир, сўзингиз таъсирчан, ижодингиз эса халқимиз манфаатига ҳамиша хизмат қилсин.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Баҳром Норқобилов, Оҳангарон тумани ҳокими.
