Ҳарбий хизматчилар фарзандларига имтиёзли тавсияномалар топширилди
2026-06-16 11:50:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида жойлашган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар фарзандларига олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли тавсияномаларни топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 22-июндаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идораларнинг ходимлари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ВМ-462-сон қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришган офицерлар, сержантлар ҳамда контракт асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар фарзандларига республика олий таълим муассасаларига қабул жараёнларида беш фоизлик давлат квотаси асосида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи тавсияномалар тақдим этилади.
Тантанали тадбирда ҳарбий қисм раҳбарияти, соҳа фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда Оҳангарон тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Ғанишер Наврўзов иштирок этди.
Тадбир давомида ҳарбий қисм командирининг техника ва қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари подполковник Қаҳрамон Буроновнинг фарзанди Абдураҳмон Ғуломжонов, ҳарбий қисм мотоманёврлашган гуруҳи мутахассис-йўналтирувчиси кичик сержант Дилшод Кенжаевнинг фарзанди Рухшона Жўрабоева ҳамда ҳарбий қисм техника ва қурол-аслаҳа бўлинмаси назорат техник пункти бошлиғи, 2-даражали сержант Геннадий Зориннинг фарзанди Юлиана Зоринага тавсияномалар тантанали равишда топширилди.
Сўзга чиққан ҳарбий соҳа фахрийлари мазкур имтиёз ёшларнинг билим олишга бўлган интилишини рағбатлантириши, шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатига давлат томонидан берилаётган муносиб эътиборнинг амалий ифодаси эканини таъкидладилар.
Шунингдек, тавсиянома соҳибларининг ота-оналари ҳам давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва яратилган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, фарзандлар мамлакат равнақи учун муносиб кадрлар бўлиб етишишига ишонч билдирдилар.
Тадбир якунида иштирокчилар ёшларнинг таълим олиши ва келажакда Ватан тараққиётига хизмат қилиши йўлида яратилаётган бундай имкониятлар мамлакатимизда инсон қадри ва ёшлар келажагига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий намунаси эканини қайд этишди.









