Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг 28-сессияси бўлиб ўтди
2026-06-12 19:00:00 / Янгиликлар

Бугун Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг навбатдаги 28-сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг муҳим йўналишлари, аҳолини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизларга яратилаётган имкониятларни кенгайтириш, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.
Сессия ишида дастлаб Оҳангарон туманидаги эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Гулчирой Усмонова ахборот бериб, туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаси маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда маблағ ажратиш таклифлари ҳақида маълумот тақдим этди.
Шундан сўнг, туман Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Аброр Мерганов Оҳангарон тумани даражасида ёшлар ўртасида ўтказиладиган турли маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбирларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан маблағ ажратиш масаласи бўйича ахборот берди.
Сессияда, шунингдек, туман ҳокими ўринбосари Севара Деҳқонова томонидан 7-босқич “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди. Унда хотин-қизларни бандликка жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масала — ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ва самарали ташкил этишга қаратилган “Долзарб 90 кун” чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш бўлди. Бу борада туман ҳокими ўринбосари Ихтиёр Қурбонов ахборот бериб, ёшларни маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва интеллектуал тадбирларга кенг жалб қилиш орқали уларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш юзасидан режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Сессияда туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи ўринбосари Самандар Қўчқоров ҳам сўзга чиқиб, Оҳангарон тумани бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан шаклланган маблағларни устувор йўналишларга йўналтириш бўйича таклифларини тақдим этди. Мазкур маблағларнинг ижтимоий соҳа объектларини қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Сессия давомида депутатлар томонидан кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Муҳокамалар якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.





