Оҳангарон туманида меҳнат ярмаркаси ва очиқ мулоқот ўтказилди
2026-06-12 12:10:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни муносиб иш ўринларига жалб қилиш ҳамда уларнинг касбий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар давом этмоқда.
Жумладан, Оҳангарон тумани ҳокимлиги ҳамда Республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан тумандаги 52-умумтаълим мактабида “Меҳнат ярмаркаси” ва “Очиқ мулоқот” тадбирлари ташкил этилди. Унда аҳоли, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари ҳамда меҳнат бозоридаги мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирнинг биринчи қисмида Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен ва Оҳангарон шаҳарларидаги ҳамда Оҳангарон туманида фаолият юритаётган қатор корхона ва ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Меҳнат ярмаркаси давомида иш изловчиларга турли соҳалар бўйича мавжуд вакант ўринлар таклиф қилиниб, ишга жойлашиш шартлари ва талаблари ҳақида тушунчалар берилди.
Шу билан бирга, тижорат банклари вакиллари ҳам тадбирда фаол иштирок этиб, аҳолига тадбиркорликни йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва даромадли лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар, молиявий хизматлар ва давлат дастурлари ҳақида маълумот берди. Фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиш имконига эга бўлди.
"Меҳнат ярмаркаси" доирасида 32 нафар ишсиз ёш билан меҳнат шартномалари тузилди. Хорижда қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган 11 нафар фуқаро ва ёш билан тегишли шартномалар расмийлаштирилди. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг 37 нафар битирувчиси иш билан таъминланиши юзасидан шартнома тузган бўлса, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган 7 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Касбий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш йўналишида эса 65 нафар 9-синф ўқувчиси ариза топширди. Туман Адлия бўлими мутахассислари томонидан 48 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида мактабнинг фаоллар залида аҳоли иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Миграция агентлиги ҳамда Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси вакиллари қатнашиб, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Очиқ мулоқот давомида хорижда қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби, ишга жўнатиш жараёнлари, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, меҳнат мигрантлари учун яратилган имкониятлар ва кафолатлар ҳақида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, Миграция агентлиги орқали ишга юборилган фуқаролар учун тақдим этиладиган имтиёзлар, ижтимоий ҳимоя чоралари, меҳнат шартлари ва хавфсизлик масалалари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, хорижда ишлаш имкониятлари, касбга ўқитиш курслари ва бандлик дастурлари юзасидан зарур тавсиялар олди.









