Оҳангаронда ғалла ўрими қизғин паллада: илғор комбайнчи рағбатлантирилди
2026-06-12 11:30:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Оҳангарон туманида ғалла ўрим-йиғим мавсуми уюшқоқлик ва юқори масъулият билан олиб борилмоқда. Деҳқон ва фермерларнинг бир йиллик меҳнати самарасини йиғиб олиш, давлат хариди режаларини ўз вақтида бажариш ҳамда ҳосилни нобуд қилмасдан қабул пунктларига етказиш борасида барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Бугун туман далаларидаги ўрим-йиғим ишларининг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида, Оҳангарон тумани ҳокимининг ўринбосари Акмал Боймуродов ҳамда туманга бириктирилган Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муҳиддин Жўраев “Нурли бўстон боғи Эрам” фермер хўжалигида бўлди.
Ўрганиш давомида масъуллар ғалла ўрими ишларининг ташкил этилиши, техникаларнинг самарали ишлаши, меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши ҳамда ҳосилдорлик кўрсаткичлари билан танишди. Шунингдек, фермер ва механизаторлар билан мулоқот қилиниб, мавсумни юқори савияда якунлаш юзасидан фикр алмашилди.
Маълум қилинишича, мазкур фермер хўжалигида 30 гектар майдонга бошоқли дон экини парваришланган бўлиб, давлатга ғалла топшириш режаси 90 тоннани ташкил этади. Айни пайтда ҳосилни қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб олиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган.
Шунингдек, ўрим-йиғим ишларида юқори натижа кўрсатаётган механизаторлар меҳнатига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, комбайн ҳайдовчиси Рашид Чолдибоев ўзининг фидокорона меҳнати ва юқори иш унумдорлиги билан ажралиб турмоқда. Кунлик ғалла ўриш режаси 100 тоннани ташкил этган бўлса-да, амалда 110 тонна ҳосилни йиғиб олишга муваффақ бўлган.
Меҳнатсеварлик ва юксак масъулият намунасини кўрсатаётган комбайнчининг саъй-ҳаракатлари муносиб эътироф этилди. Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи ўринбосари Муҳиддин Жўраев томонидан Рашид Чолдибоевга 1 миллион 500 минг сўм миқдорида пул мукофоти топширилди.
Бугунги кунда Оҳангарон туманида ғалла ўрим-йиғим ишларини белгиланган муддатларда ва талафотсиз амалга ошириш, шунингдек, юқори натижаларга эришаётган механизатор ва фермерларни рағбатлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу эса мавсумни муваффақиятли якунлаш ҳамда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилмоқда.









