Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов раислигида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди
2026-06-08 11:15:00 / Янгиликлар

Йиғилишда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда давлат органлари фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлашга доир муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, Янги Ўзбекистон қиёфасида шакллантирилаётган маҳаллалар ҳамда “оғир” тоифага киритилган маҳаллаларда амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини лойиҳалаштириш, уларни молиялаштириш манбалари ва амалий чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди. Масъул раҳбарларга қурилиш ишларининг сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, йиғилишда “Ijro.gov.uz” электрон тизими орқали Президент фармонлари, қарорлари ҳамда мажлис баёнларида белгиланган топшириқларнинг ижро ҳолати таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди. Топшириқларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши юзасидан мавжуд камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар белгилаб олинди.
Йиғилиш давомида қишлоқ хўжалиги, қурилиш, молия-иқтисодиёт, маънавият ва спорт соҳаларида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати муҳокама этилди. Шу билан бирга, ярим йиллик якунлари бўйича барча соҳаларда белгиланган режа ва прогноз кўрсаткичларини ортиғи билан бажариш, мавжуд имконият ва захираларни тўлиқ ишга солиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда туман прокурори Фахриддин Мирзаев сўзга чиқиб, Президентимизнинг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли қарорлари ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди. У мазкур қарорларда белгиланган вазифа ва топшириқларнинг туманда сўзсиз ҳамда сифатли бажарилиши ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулияти эканини таъкидлади. Шунингдек, қарорлар ижросида сусткашликка йўл қўймаслик, белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ижро интизомини кучайтириш ҳамда ҳар бир вазифа бўйича аниқ натижадорликка эришиш зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Йиғилиш якунида туман ҳокими томонидан барча масъулларга ижро интизомини янада кучайтириш, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда маҳаллалардаги муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳар бир раҳбардан ўз йўналиши бўйича ярим йиллик натижаларни юқори кўрсаткичлар билан якунлаш, белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш ва амалий натижадорликни таъминлаш талаб этилди.






