ОҲАНГАРОН ТУМАНИДА ҒАЛЛА ЎРИМИ МАВСУМИГА СТАРТ БЕРИЛДИ
2026-06-05 10:10:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида қишлоқ хўжалигидаги энг масъулиятли паллалардан бири — ғалла ўрими мавсумига старт берилди.
Шу муносабат билан, бугун тумандаги “Агрокимё” мажмуасида фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими Баҳром Норқобилов, унинг ўринбосарлари, туман прокуратураси вакили Муҳиддин Менгтўраев, туманга бириктирилган Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари Муҳиддин Жўраев, 2-минтақа бошлиғи Нодир Саидов, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Бунёд Акбаров ҳамда бошқа масъул раҳбарлар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида туман бош имом-хатиби томонидан Қуръон тиловат ўқилиб, деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнати баракали бўлиши, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш ҳамда юрт дастурхони тўкинлиги учун дуолар қилинди. Хайрли ишга оқ йўл тилаб, жонлиқ сўйилди.
Туман ҳокими Баҳром Норқобилов йиғилишда сўзга чиқиб, ғалла ўрими ишларини уюшқоқлик ва юқори масъулият билан ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. У ҳосилни қисқа муддатларда ва талафотларга йўл қўймасдан йиғиштириб олиш, мавжуд техника ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ҳар бир масъул ўз зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан ва сидқидилдан бажариши зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, тадбир давомида соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарлари томонидан ғалла ўрими мавсумини юқори савияда ташкил этиш, техникалардан самарали фойдаланиш, меҳнат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича тегишли кўрсатма ва йўриқномалар берилди.
Бугунги кунда туманда ғалла ҳосилини йиғиштириб олиш ишларига 10 та замонавий комбайн жалб этилган бўлиб, 10 та махсус отряд шакллантирилган. Ҳосил йиғим-теримини узлуксиз ташкил этиш мақсадида, тун-у кун фаолият юритувчи туман штаби ҳам ташкил этилган.
Маълумот учун:
Жорий йилда Оҳангарон туманида 5070 гектар майдонда 334 та қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан ғалла парвариш қилинди. 2026 йил ҳосили учун экилган мазкур майдонлардан жами 14467 тонна ғалла ҳосили йиғиштириб олиниши режалаштирилган. Шундан 8424 тоннаси давлат захирасига, 6043 тоннаси эса вақтинчалик сақлаш омборларига топширилиши белгиланган.
Бугун бошланган ғалла ўрими мавсуми туман аҳли учун муҳим синов ва айни пайтда катта масъулиятдир. Меҳнаткаш деҳқон ва фермерларнинг фидокорона меҳнати, соҳа ходимларининг ҳамжиҳатлиги ҳамда масъул ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари натижасида ҳосилни қисқа муддатларда ва талафотсиз йиғиштириб олиш муҳим саналади.









