Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг анъанавий “Илоқ” этнографик фестивалининг очилиш маросимида сўзлаган Н У Т Қ И
2026-06-04 15:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли меҳмонлар, муҳтарам фестиваль иштирокчилари, азиз юртдошлар!
Барчангизни қадим тарих ва бой маданият уйғунлашган гўзал Оҳангарон заминида ўтказилаётган анъанавий саккизинчи “Илоқ” халқаро этнографик фестивали билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аввало, фестивалимизда иштирок этиш учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларга, олимларга, этнографларга, санъат ва маданият намояндаларига, ҳунармандларга ҳамда барча иштирокчиларга самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Муҳтарам меҳмонлар!
Биз бугун оддий бир фестивалда эмас, балки минг йиллик тарих, бетакрор маданият ва бой мерос мужассам бўлган муқаддас заминда жам бўлиб турибмиз.
Барчамизга маълумки, бугунги Оҳангарон тумани ҳудудида милодий 5–10 асрларда Илоқ давлати мавжуд бўлган. Бу давлат нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Шарқ цивилизацияси тараққиётида муҳим ўрин тутган ҳудудлардан бири ҳисобланган.
Илоқ замини азалдан табиий бойликларга, хусусан олтин, кумуш, мис ва қимматбаҳо заргарлик тошларига бойлиги билан машҳур бўлган. Айниқса, феруза тошлари ва нодир металлар қазиб олиниши бу ҳудуднинг иқтисодий ва маданий тараққиётига катта туртки берган.
Қадимги Илоқда кончилик ва металлургия юқори даражада ривожланган бўлиб, маҳаллий усталар тайёрлаган маҳсулотлар ўзининг сифати ва ноёблиги билан узоқ мамлакатларгача етиб борган. Бу ердаги зарбхоналарда тангалар зарб қилинган, темирчилик ва заргарлик санъати юксак даражага кўтарилган.
Шу билан бирга, аҳоли деҳқончилик, чорвачилик ва турли ҳунармандчилик тармоқлари билан шуғулланиб, ўзига хос маданий муҳитни шакллантирган. Бу заминда яратилган моддий ва маънавий бойликлар бугунги кунда ҳам халқимизнинг миллий меросининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда.
Азиз дўстлар!
Бугун Янги Ўзбекистонда тарихий меросни асраб-авайлаш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва келажак авлодга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, қадимий шаҳарлар ва тарихий қадамжоларни ўрганиш, халқ амалий санъати ва миллий анъаналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мана шундай эзгу мақсадлар асосида “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Оҳангарон тумани ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир неча йилдан буён анъанавий тарзда “Илоқ” этнографик фестивали ўтказиб келинмоқда.
Ушбу фестиваль нафақат тарихий меросимизни тарғиб қилиш, балки миллатлар ва маданиятлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳунармандчилик, миллий фольклор ва қадимий анъаналаримизни кенг намоён этиш учун ҳам муҳим майдон вазифасини ўтаб келмоқда.
Бугун фестивалимизда халқ амалий санъати намуналари, миллий таомлар, қадимий урф-одатлар, фольклор чиқишлари ва этнографик кўргазмалар орқали меҳмонларимиз Илоқ заминининг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.
Ишончим комилки, мазкур фестиваль нафақат тарихимизни улуғлашга, балки туризм салоҳиятини янада оширишга, миллий маданиятимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Қадрли меҳмонлар!
Яна бир бор барчангизни ушбу нуфузли фестиваль билан табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга тинчлик-осойишталик, юртимизга тараққиёт ва фаровонлик тилайман.
Қадимий Илоқ заминига хуш келибсиз!
“Илоқ” халқаро этнографик фестивалини очиқ деб эълон қиламан!
Эътиборингиз учун раҳмат!
