"Илоқ" фестивали бўлиб ўтди
2026-06-04 15:05:00 / Янгиликлар

Оҳангарон воҳасининг бетакрор табиати бағрида жойлашган Ўрғозсой кенгликлари бугун миллий қадриятлар, халқ оғзаки ижоди ва маданий мероснинг ҳақиқий байрамига айланди. Бу ерда анъанавий саккизинчи "Илоқ" халқаро этнографик фестивали юқори савияда ташкил этилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, Оҳангарон тумани ҳокимлиги ҳамда "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси ташаббуси билан ўтказилган нуфузли фестиваль халқимизнинг бой тарихи, кўп асрлик анъаналари ва бебаҳо маданий меросини тарғиб қилиш, шунингдек, этнотуризмни ривожлантиришга хизмат қилди.
Фестивальнинг тантанали очилиш маросимида Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов ҳамда "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси раиси Амирқул Каримов иштирок этиб, йиғилганларни ушбу маданий анжуман билан қутладилар. Сўзга чиққанлар қадимий Илоқ заминининг тарихий аҳамияти, миллий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Фестиваль доирасида Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик жамоалар ўзларининг ранг-баранг чиқишлари билан иштирок этди. Миллий қўшиқлар, халқ ўйинлари, урф-одатлар ва қадимий маросимларни акс эттирган саҳна кўринишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбир меҳмонлари учун халқ сайили ташкил этилиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, амалий санъат намуналари, қадимий турмуш тарзини акс эттирувчи кўргазмалар намойиш этилди. Миллий кураш, халқ ўйинлари ва бошқа спорт чиқишлари фестивальга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Кун давомида давом этган маданий дастурлар, халқ ижодиёти намуналари ва миллий қадриятлар тарғиботи фестиваль иштирокчиларига унутилмас таассуротлар улашди.
Фестиваль якунида турли номинациялар бўйича энг фаол ва муносиб иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари ҳамда қимматбаҳо туҳфалар билан тақдирланди.
"Илоқ" халқаро этнографик фестивали нафақат миллий меросимизни кенг тарғиб этиш, балки туризм салоҳиятини ошириш, халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ёш авлод қалбида миллий ғурур туйғусини янада юксалтиришга хизмат қилаётган муҳим анжуман сифатида яна бир бор ўз аҳамиятини намоён этди.









