"САЛОМАТЛИК МАРАФОНИ" ОЙЛИГИГА СТАРТ БЕРИЛДИ
2026-06-03 12:40:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туман Тиббиёт бирлашмасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган “Саломатлик марафони” ойлигига старт бериш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов иштирок этиб, йиғилганларга мурожаат қилди. Туман раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг ҳаёт сифати ва умр давомийлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, мазкур вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда тиббиёт ходимларининг масъулияти ва фидокорона меҳнати алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.
Мазкур ойлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6099-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
“Саломатлик марафони” ойлиги доирасида тумандаги барча тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда бошқа тиббий ташкилотларда аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар, тиббий кўриклар ва тарғибот ишлари кенг қамровда амалга оширилади.
Марафоннинг асосий мақсади – аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, турли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантириш ҳамда тиббий хизматлар сифатини янада такомиллаштиришдан иборат.
Ойлик давомида бир қатор муҳим йўналишларда амалий ишлар ташкил этилади. Хусусан, аҳолининг профилактик тиббий кўриклар билан қамровини кенгайтириш ва бу борадаги мониторинг тизимини янада кучайтириш чоралари кўрилади. Шунингдек, ёш шифокорлар ва тиббиёт талабаларининг илмий ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Тиббиёт новаторлари” платформаси фаолияти йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича учрашувлар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда оммавий акциялар ташкил этилади.
Маҳаллалар ва жамоат жойларида махсус “Саломатлик нуқталари” фаолияти йўлга қўйилиб, фуқароларга соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳатлар берилади, уларнинг саломатлик ҳолати бўйича дастлабки тиббий текширувлар ўтказилади.
Айниқса, ойлик доирасида аёллар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилади. Уларни чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиш, соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.
Бундай тадбирлар аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, турли асоратларнинг олдини олиш, тиббий маданиятни юксалтириш ҳамда жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.






