Картошкачилик соҳасида илғор тажрибалар ўрганилди
2026-06-01 15:55:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Agrover” кластерида картошкачилик соҳасини янада ривожлантиришга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур кластер ўз фаолиятида фақат картошка етиштириш билан чекланиб қолмасдан, 1400 гектар майдонда юқори ҳосилдор навларни парваришлаш, маҳсулотни сақлаш учун замонавий музлаткич омборлари ҳамда картошкани чуқур қайта ишлаш қувватларини ҳам йўлга қўйгани билан аҳамиятлидир. Бу ерда етиштиришдан тортиб, сақлаш ва қайта ишлашгача бўлган барча жараёнлар ягона тизим асосида ташкил этилган.
Семинарда Оҳангарон тумани ҳокимининг ўринбосари Акмал Бойқобилов бошчилигида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Тадбир доирасида туманимиз павильони ташкил қилиниб, Оҳангаронда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди.
Амалий семинар давомида картошкачилик тармоғини ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари, юқори сифатли уруғчиликни ташкил этиш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган агротехник тадбирлар ҳамда соҳадаги истиқболли лойиҳалар хусусида фикр ва тажриба алмашилди.
Шунингдек, иштирокчилар кластер ҳудудида жорий этилган сув тежовчи технологиялар, хусусан, ёмғирлатиб суғориш тизимларининг самарадорлиги билан яқиндан танишиб, мазкур тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенг татбиқ этиш юзасидан муҳокамалар олиб бордилар.
Бундай амалий семинарлар қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни оммалаштириш, илғор тажрибаларни жойларда татбиқ этиш ва соҳанинг экспортбоп ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.







