Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг Қурбон ҳайити муносабати билан байрам табриги
2026-05-26 16:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Азиз ва қадрли тумандошлар!
Сизларни, бутун мусулмон аҳлини эзгулик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тимсоли бўлган муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Қурбон ҳайити асрлар давомида халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келаётган, инсонларни эзгуликка, шукроналикка, меҳр-мурувват ва саховатга чорлайдиган улуғ айёмдир. Бу муборак кунда инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, бемор ва кексалар ҳолидан хабар олиш, яқинларга меҳр-эътибор кўрсатиш каби олижаноб фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади.
Халқимиз азалдан Қурбон ҳайитини ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик руҳида нишонлаб келади. Айниқса, бугунги Янги Ўзбекистон шароитида инсон манфаати ва қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани барчамизга ғурур бағишлайди.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори халқимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Мазкур қарорга мувофиқ, оғир ва ногиронликка олиб келадиган касалликларга чалинган 10 минг нафар боланинг даволаниш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди. Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, “Меҳрибонлик” уйлари, оилавий болалар уйлари, кам комплектли болалар уйлари, СОС — болалар маҳаллалари тарбияланувчилари ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳисоб рақамларига 200 АҚШ долларидан маблағ ажратилиши инсонпарварлик тамойилларининг ёрқин намунасидир.
Бу хайрли ишлар Оҳангарон туманида ҳам кенг қамровда амалга оширилмоқда. Хусусан, байрам муносабати билан туманимиздаги 461 та эҳтиёжманд оилага ҳайитлик қутилари етказиб берилиши, 51 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг ҳисоб рақамига 200 АҚШ долларидан маблағ ўтказилиши режалаштирилган. Бу ишлар орқали юртдошларимиз қалбига қувонч улашиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Азиз тумандошлар!
Муқаддас айёмларда бир-биримизга меҳр кўрсатиш, кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, кекса ота-оналар дуосини олиш, фарзандлар қалбига яхшилик ва инсонпарварлик туйғуларини сингдириш барчамизнинг эзгу бурчимиздир.
Қурбон ҳайити хонадонларимизга файзу барака, тинчлик-хотиржамлик ва қут-барака олиб кирсин. Юртимизда доимо осойишталик, халқимиз ҳаётида фаровонлик ва аҳиллик ҳукм сурcин.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, ишларингизга ривож ва дастурхонларингизга тўкинлик тилайман.
Яна бир бор барчангизни Қурбон ҳайити билан муборакбод этаман!
Ҳурмат билан,
Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов.
