"Сўнгги қўнғироқ" тадбири бўлиб ўтди
2026-05-25 09:30:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманидаги 52-мактабда “Сўнгги қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов иштирок этиб, битирувчиларни ҳаётларидаги муҳим босқич билан самимий қутлади.
Тадбир аввалида туман раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактаб битирувчиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак ишончи, уларнинг билимли ва ватанпарвар инсонлар бўлиб етишишларига қаратилган эзгу тилаклари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, туман ҳокими ўз сўзида муаллимлар, ота-оналар ва битирувчиларга чуқур миннатдорлик изҳор этиб, ёшларга келгуси ҳаёт йўлида улкан зафарлар, муваффақият ва эзгу орзуларининг ушалишини тилади. Устозларнинг машаққатли меҳнати, ота-оналарнинг меҳр ва тарбияси орқали бугунги кунда билимли, интилувчан, юрт келажагига дахлдор ёшлар вояга етаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида таълим соҳасида самарали меҳнат қилиб, ўқувчилар тарбияси ва таълим сифатини оширишда муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ устозлар туман ҳокимлигининг ташаккурномалари билан тақдирланди. Шу билан бирга, фарзанд тарбиясида фаоллик ва намуна кўрсатган бир қатор ота-оналарга ҳам туман раҳбарининг ташаккурномалари топширилди.
Тантанали тадбирнинг энг ҳаяжонли онлари эса “Сўнгги қўнғироқ” садолари янграган паллаларда намоён бўлди. Қалбларда ҳаяжон, кўзларда орзу ва ишонч билан битирувчилар мустақил ҳаёт сари илк қадамларини ташладилар.









