Оҳангарон туманида яна бир янги лойиҳа ишга тушди
2026-05-20 12:40:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган яна бир йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Туманда “Premier Electrotech” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан замонавий кондиционер ишлаб чиқариш корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур йирик лойиҳа нафақат ҳудуд иқтисодиёти, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳаллий саноат тармоғини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 30 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 16,5 миллион доллар замонавий ишлаб чиқариш ускуналарига, 11 миллион доллар қурилиш-монтаж ишларига ҳамда 2,5 миллион доллар айланма маблағларга йўналтирилди.
Янги ишга туширилган корхонада илғор технологиялар асосида юқори сифатли кондиционерлар ишлаб чиқарилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200 минг донани ташкил этиб, йил давомида 300 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилди.
Энг муҳими, ушбу йирик саноат объектининг фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 150 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланди. Бу эса аҳоли даромадларини ошириш, оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш ҳамда туманда ишсизликни қисқартиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда Оҳангарон туманида инвестиция муҳитини яхшилаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда. “Premier Electrotech” МЧЖ қўшма корхонасининг фаолияти ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлиб, ҳудуд саноати тараққиётида яна бир муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.









