Оҳангарон тумани “Қизилой” маҳалласи ҳудудида “Янги Cонч материаллари” лойиҳасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
2026-05-18 17:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов иштирок этиб, йиғилганларни янги лойиҳа билан самимий қутлади. У ўз сўзида бу каби инвестисион ташаббуслар ҳудуд саноатини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий салоҳиятни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа замонавий пластик эшик ва ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат корхонаси ҳисобланади. Корхона энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ички бозор талабини қондириш билан бирга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига ҳам эга.
Энг муҳими, янги корхона фаолияти натижасида туманда қатор янги иш ўринлари яратилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни доимий иш билан таъминлашда муҳим омил бўлди.
Бугунги кунда мамлакатимизда инвесторлар учун қулай бизнес муҳитини шакллантириш, саноатни ривожлантириш ва ҳудудларга инвестисиялар жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. “Янги Cонч материаллари” лойиҳасини ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида кўрсатиш мумкин.





