Янги лойиҳага тамал тоши қўйилди
2026-05-13 15:10:00 / Янгиликлар

Бугун Оҳангарон туманида муҳим аҳамиятга эга бўлган яна бир йирик инвестисиявий лойиҳага старт берилди. “Силк Роад Логистиc Cорпаратион” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган замонавий металл конструкциялар ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Саъдуллаев иштирок этиб, йиғилганларни табриклади.
Лойиҳа учун аукцион асосида 5,2 гектар ер майдони ажратилган.
Умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу йирик инвестисия лойиҳаси нафақат саноат соҳасини ривожлантириш, балки ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Корхона фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 205 та янги иш ўрни яратилади. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва мутахассис кадрлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилади.
Мазкур мажмуада йиллик 25 минг тонна металл конструкциялар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Энг муҳими, корхона маҳсулотлари ташқи бозорларга йўналтирилиб, йиллик экспорт ҳажмини 6,5 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатлари билан йўлга қўйиладиган ҳамкорлик алоқалари ҳудудимиз экспорт географиясини янада кенгайтиради.








