“Асл Умид Шамс” фермер хўжалигига пресс-тур уюштирилди
2026-05-12 14:55:00 / Пресс-тур

Бугун Оҳангарон туманидаги “Асл Умид Шамс” фермер хўжалигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 31-октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–322-сонли қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда туман ҳокими Баҳром Норқобилов, Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi бошлиғи Аброл Вахабов, вилоят ҳокими ўринбосари Ҳуршид Қорабоев, вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошармаси бошлиғи Ҳожиакбар Отабоев, шунингдек, соҳанинг малакали мутахассислари, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида маърузачилар томонидан аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт, сут, тухум, балиқ, ўсимлик ёғи ва картошка билан барқарор таъминлаш, чорвачилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш, тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ҳамда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, иштирокчиларга озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, наслли чорва ва паррандачиликни ривожлантириш, ветеринария хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун яратилган молиявий ва солиқ имтиёзлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шу билан бирга, фаолият туридан қатъи назар, юқоридаги қарорга мувофиқ, фермерлар томонидан дала четларига енгил конструкцияли иншоотлар қуриб, чорвачиликни ривожлантириш мумкинлиги, бу борада яратилган шарт-шароит ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Семинар давомида иштирокчилар масъулларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этиб, батафсил жавоблар олишди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари “Асл Умид Шамс” фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Ғалла-сабзавотчиликка ихтисослашган мазкур хўжалик тасарруфида 135 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 112 гектари сувли ерларни ташкил этади. Айни пайтда 58 гектар майдонга бошоқли дон экинлари, 44 гектарига сабзавот, 10 гектарига эса беда экилган.
Фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Умаров томонидан чорвачилик йўналишида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳозирда 55 бош бўрдоқига боқилаётган буқалар парвариш қилинмоқда. Шу билан бирга, сутчилик йўналишини ривожлантириш мақсадида, Германиядан 100 бош наслли қорамол олиб келиш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, яқин вақт ичида ушбу чорва моллари олиб келиниши режалаштирилган. Шу мақсадда, фермер хўжалиги томонидан енгил конструкцияли молхоналар бунёд этилган.
Семинар доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ҳам ташкил этилиб, фермер хўжалигидаги амалий ишлар, яратилган шароитлар ва аграр соҳадаги инновацион ёндашувлар намойиш этилди.









