Қишлоқ хўжалиги соҳасида покистонлик инвесторлар билан музокаралар олиб борилди
2026-05-06 17:00:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш, замонавий инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, куни кеча туман ҳокими Баҳром Норқобилов Покистоннинг "Самсонс Агро Фармс" компанияси вакили Муҳаммад Файсал Охунзодани қабул қилиб, чорвачилик йўналишида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан дастлабки музокараларни ўтказган эди.
Мазкур учрашувнинг мантиқий давоми сифатида бугун туман ҳокими бошчилигида тумандаги йирик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган музокаралар ташкил этилди. Унда маҳаллий фермерлар ва хорижий ҳамкор ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот майдони яратилди.
Музокаралар аввалида туман раҳбари томонидан Оҳангарон туманининг табиий-иқлим шароити, чорвачилик ва деҳқончиликни ривожлантириш учун мавжуд имкониятлари, шунингдек соҳада амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ҳудудда озуқа базасини мустаҳкамлаш, юқори маҳсулдор зотларни кўпайтириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, хорижий меҳмон Муҳаммад Файсал Охунзода ўз тақдимоти давомида компаниянинг амалий тажрибаси, чорвачиликни саноатлаштириш, шунингдек, сув тежамкор технологиялар асосида озуқа етиштириш бўйича илғор ечимларини таништирди. У томонидан фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий қилиш орқали маҳсулдорликни ошириш имкониятлари алоҳида қайд этилди.
Учрашув давомида фермер хўжаликлари раҳбарларига мазкур хорижий компания билан ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Мулоқот жараёнида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, келгусида мазкур йўналишда музокаралар давом эттирилиб, яқин истиқболда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган келишувларга эришиш кўзда тутилмоқда.







