Туман ҳокими хитойлик инвесторлар билан учрашди
2026-04-30 17:10:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида инвестициявий жозибадорликни ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Шу доирада туман ҳокими Баҳром Норқобилов Хитойнинг "Zhangzhou Jianhua Keramika Co., Ltd." компанияси вакилларини қабул қилди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан дастлабки музокаралар олиб бордилар. Хорижий инвесторлар томонидан Оҳангарон туманида умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи, кафель ва бошқа турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий саноат корхонасини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш мақсадида, туманнинг “Увак” маҳалласи ҳудудидан 47 гектар ер майдони таклиф қилинди. Таъкидланишича, ушбу инвестициявий ташаббус амалга оширилса, ҳудудда янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ҳамда қурилиш материаллари бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти янада кенгаяди.
Учрашувда лойиҳани амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари, инфратузилма билан таъминлаш, муҳандислик коммуникацияларини олиб кириш ҳамда инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Лойиҳа доирасида музокаралар давом этади.



