Баҳром Норқобилов туман ёшлари билан учрашув ўтказди
2026-04-30 16:15:00 / Янгиликлар

Пайшанба — ёшлар куни муносабати билан Оҳангарон туманида ёш авлод билан очиқ мулоқот руҳидаги учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Баҳром Норқобилов иштирок этиб, туман умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда устозлар билан самимий суҳбат қурди.
Туман раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Яратилган имконият ва шарт-шароитлар натижасида ёшларнинг илм-фан, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Бу эса юрт келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратаётган муҳим омил сифатида эътироф этилди.
Учрашув давомида фаол ва ташаббускор ёшлар сўзга чиқиб, ўз ютуқлари, тажрибалари ҳамда келгусидаги режалари ҳақида фикр алмашдилар. Улар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар тадбир мазмунини янада бойитди.
Тадбирнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири сифатида “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман босқичи ғолиблари тақдирланди. Ғолиб ва совриндорларга туман ҳокимлиги томонидан 1-, 2- ва 3-ўринлар учун мос равишда 100 миллион, 75 миллион ва 50 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Бу эса таълим сифати ва рақобат муҳитини янада оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, "Турон" мактаб театри танловининг вилоят босқичи ғолиби, 52-мактабнинг "Тамаддун" жамоасининг ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, касб-ҳунар эгаллашга интилаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, мономарказда таҳсил олиб, муайян мутахассисликка эга бўлган бир гуруҳ ёшларга сертификатлар топширилди. Мазкур эътироф уларнинг келгусида меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига замин яратади.
Учрашув давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва муаммолари билан тингланди, уларга ечим топиш юзасидан тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Тадбирда туман прокурори, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари иштирок этиб, ёшларга эзгу тилаклар билдирдилар.









