Оҳангаронда йирик саноат лойиҳасига тамал тоши қўйилди
2026-04-29 11:25:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган яна бир йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. "TAI CHANG SPECIAL STEEL" МЧЖ нинг навбатдаги Хорижий сармоялар иштирокида барпо этилаётган “TAI CHANG GROUP” МЧЖ замонавий металлургия мажмуаси қурилиши бошланди.
Мазкур лойиҳа мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, импорт ўрнини босувчи, юқори сифатли легирланган пўлат асосида йирик ўлчамли металлопрокат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилади.
Лойиҳа доирасида йирик ер майдони ажратилган. Қурилиш ишлари замонавий технологиялар ва халқаро стандартлар асосида амалга оширилади. Лойиҳанинг 1-босқичида 50,8 миллион АҚШ доллар, 2-босқичда эса 60 миллион АҚШ доллари, Умумий қиймати 110,8 АҚШ доллари тенг бўлган корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 700 минг тонна "Юқори легирланган пўлат маҳсулотлари"ни замонавий хитой технологиялари асосида ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Янги корхона ички бозордаги талабни қондириш билан бирга, экспорт географиясини ҳам кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса Оҳангарон тумани иқтисодиётининг ўсиши, саноат инфратузилмасининг мустаҳкамланиши ва янги ишлаб чиқариш занжирларининг шаклланишига туртки беради.
Лойиҳани 2027-йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Унинг ишга тушиши натижасида 500 тага яқин доимий иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳолининг бандлиги ва даромад манбалари кенгаяди.
Тадбирда туман ҳокими Баҳром Норқобилов иштирок этиб, мамлакатимизда инвестисия муҳитини яхшилаш, хорижий сармояларни жалб этиш ва ҳудудларда саноатни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталди.






