Тегишли масъулларга қонуний чоралар кўрилди
2026-04-27 11:35:00 / Расмий муносабат

Uzdiplomat телеграм каналида Оҳангарон тумани "Увак" маҳалласи ҳудудида жойлашган “HUA TAO CERAMIC GROUP” хорижий корхонаси томонидан ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган турли чиқиндилар белгиланган тартибда махсус полигонларга олиб чиқилмасдан, корхона ҳудудида тўплаб, очиқ ҳолда ёқиб юборилаётгани ҳақида танқидий материал эълон қилинди.
Ушбу вазият юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Хусусан, мазкур ҳолат туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими томонидан зудлик билан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида корхона ҳудудида ишлаб чиқариш чиқиндиларини очиқ ҳолда ёқиш ҳолатлари кузатилгани аниқланди.
Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан корхонанинг масъул ходимларига нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилди. Жумладан, бир нафар масъул шахсга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-моддаси (чиқиндилар билан муомала қилишда табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш), яна бир нафар ходимга эса 88¹-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, корхона раҳбариятига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, чиқиндиларни белгиланган тартиб асосида утилизация қилиш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни олдини олиш юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди. Ушбу масала юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилади.
Оҳангарон тумани ҳокимлиги экологик барқарорликни таъминлаш, фуқаролар саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига бефарқ эмаслигини билдиради ҳамда бу борадаги ҳар қандай қонунбузарлик ҳолатларига нисбатан қатъий тегишли чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқ эканлигини маълум қилади.



