ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди
2026-04-24 12:20:00 / Пресс-тур

Бугун Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Оҳангарон тумани "Шодмалик" маҳалласи ҳудудида жойлашган "Driptec” МЧЖга қарашли замонавий саноатлашган узум плантациясида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур пресс-тур доирасида журналистлар юртимизда дастлабки "УФО" технологияси асосида барпо этилган узумзор фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Ушбу инновацион технология АҚШнинг Калифорния тажрибаси асосида яратилган бўлиб, узум етиштиришда юқори самарадорликка эришиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда маҳсулот сифатини ошириш имконини бермоқда. Плантацияда узумнинг экспортбоп "Аватар" нави парваришланмоқда. Унинг юқори сифати ва бозор талабларига мослиги туфайли етиштирилаётган маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
Ушбу лойиҳа мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда жамият тасарруфида жами 322,5 гектар ер майдони бўлиб, шундан 26 гектар қисмида узумзор ташкил этилган.
Тадбир давомида иштирокчиларга агросаноат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.









