Ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-04-23 17:35:00 / Янгиликлар

Пайшанба — ёшлар куни муносабати билан Оҳангарон туманида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда туман ҳокими Баҳром Норқобилов 1-сон техникум ўқувчилари билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва ташаббусларини тинглади.
Учрашув давомида туман раҳбари юртимизда ёшларга қаратилган давлат сиёсати, яратилаётган кенг имкониятлар, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш борасидаги имтиёзлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, ёшларнинг билим олишга бўлган интилиши ва замонавий касбларни эгаллашга қаратилган ҳаракатлари қўллаб-қувватланиши доимий эътиборда экани таъкидланди.
Ўқувчилар томонидан техникумдаги мавжуд таълим йўналишлари, уларнинг меҳнат бозоридаги ўрни ва аҳамияти хусусида фикрлар билдирилди. Айниқса, амалий билим ва кўникмаларни шакллантириш, келгусида муносиб иш ўринларига эга бўлишда бу каби таълим муассасаларининг ўрни алоҳида қайд этилди.
Мулоқотнинг асосий қисмида ёшлар томонидан кўтарилган масалалар, таклиф ва мурожаатлар тингланди. Ҳар бир мурожаат юзасидан масъул ташкилот ва идораларга аниқ вазифалар белгилаб берилиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбирда иштирок этган туман Солиқ инспекцияси бошлиғи Анвар Мўминов ҳам сўзга чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатилиши, уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиши борасида амалий ишлар давом эттирилишини билдирди.









