"Гулобод" маҳалласида очиқ мулоқот ўтказилди
2026-04-22 13:05:00 / Янгиликлар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов “Гулобод” маҳалласи аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда маҳалла фуқаролари томонидан қатор долзарб масалалар кўтарилди.
Мулоқот жараёнида, аввало, аҳоли томонидан яйлов ажратиш масаласи юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, Чароғон, Тинчлик, Маданият ва Истиқлол кўчаларида жойлашган 380 та хонадонни табиий газ билан таъминлаш масаласи аҳоли томонидан устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Бундан ташқари, Тинчлик кўчасидаги 5 километр ички йўлларни асфальтлаштириш, мактаб олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, сунъий йўл тўсиқларини ўрнатиш, автобекат ўрнатиш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Энергия таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳам эътибор марказида бўлиб, Маданият кўчасида 400 кВт қувватга эга трансформатор ўрнатиш ва 80 та темир-бетон устунлар қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, уй-жой кадстр ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан ҳам мурожаатлар билдирилди.
Туман ҳокими томонидан ҳар бир масала атрофлича ўрганилиб, мутасадди ташкилотлар ва масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди. Мурожаатларни босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.









