Муаммо юзасидан корхона масъулларига таклиф берилди
2026-04-01 15:20:00 / Расмий муносабат

“Раҳмон Али блоги” телеграм каналида Оҳангарон тумани “Қизилой” маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “Conch” цемент заводига қатновчи юк машиналари томонидан Олмалиқ шаҳри “Чамбил” маҳалласи марказий кўчасидан ҳаракатланиши натижасида йўл қопламасига зарар етказилаётгани ҳамда чанг-тўзон кўтарилиши орқали аҳолига ноқулайликлар туғдираётгани ҳақида мурожаат эълон қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилиб, “Conch” корхонаси мутасаддилари билан тегишли мулоқотлар ўтказилди. Суҳбатлар давомида юк транспорт воситаларининг ҳаракатланиши натижасида келиб чиқаётган муаммолар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Хусусан, мазкур йўл участкасини таъмирлаш, унинг техник ҳолатини тиклаш ҳамда аҳолига қулай шароит яратиш юзасидан корхона томонидан амалий чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур масала туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинган бўлиб, муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан амалий ишлар давом эттирилади.
