Хитойлик инвесторлар билан учрашув ўтказилди
2026-04-17 09:35:00 / Янгиликлар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов Хитойнинг "Hebei International Land Port" компанияси вакилларини қабул қилди. Учрашув доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва инвестицион имкониятларни кенгайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Музокаралар жараёнида компания вакиллари томонидан Оҳангарон туманида замонавий ва кўп тармоқли йирик логистика марказини барпо этиш бўйича истиқболли лойиҳа тақдим этилди. Таъкидланишича, ушбу лойиҳа доирасида темир йўл ва автойўл логистика инфратузилмасини шакллантириш, божхона терминали, савдо уйлари, меҳмонхона ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш объектларини қуриш режалаштирилган. Мазкур ташаббус ҳудуднинг транзит салоҳиятини ошириш, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Туман раҳбари, ўз навбатида, бундай йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун Оҳангарон туманида барча зарур имконият ва инфратузилма мавжудлигини таъкидлаб, келгусида мазкур компания билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида меҳмонларга туман ҳокими ўринбосари Сардор Усмонов ҳамроҳлигида Ангрен эркин иқтисодий зонасининг "Ақча" блокида жойлашган мавжуд ер майдонлари кўрсатилиб, амалий таклифлар илгари сурилди.
Томонлар ўртасидаги музокараларни давом эттириш ҳамда лойиҳани амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини муҳокама қилиш бўйича келишувга эришилди.
Компания тўғрисида маълумот:
Hebei International Land Port (шунингдек, Shijiazhuang International Land Port номи билан ҳам танилган) — Хитойнинг Хэбэй провинциясида жойлашган муҳим логистика узели бўлиб, асосан темир йўл орқали юк ташиш ва халқаро савдога ихтисослашган. 2026 йил ҳолатига кўра, у Пекин–Тяньцзинь–Хэбэй ҳудудидаги энг йирик қуруқлик порти ҳисобланади ва Хитой — Европа йўналишида мунтазам қатновларни таъминлаб келмоқда.
Порт 18 та халқаро маршрутга хизмат кўрсатиб, 8 та чегара ўтиш пунктини боғлайди ҳамда Евроосиёнинг 50 дан ортиқ давлат ва ҳудудларини қамраб олади. Жумладан, Германия, Франция, Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва АСЕАН давлатлари билан алоқалар йўлга қўйилган.
Мазкур логистика маркази автомобиль, темир йўл, денгиз ва ҳаво транспортини бирлаштирган ягона мультимодал тизимни ташкил этади.





