ФВБ ходимлари эътироф этилди
2026-04-16 15:45:00 / Янгиликлар

Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига ташриф буюриб, хизмат фаолияти билан яқиндан танишди.
Хабарингиз бор, туманимизнинг олис ва тоғли ҳудудида йўқолиб қолган 4 ёшли болакайни излаб топиш ва уни соғ-омон ота-онаси бағрига қайтариш бўйича кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган эди. Мазкур жараёнда фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари юксак масъулият, матонат ва касбий маҳорат намоён этиб, болакайни топишга муваффақ бўлишди.
Ташриф давомида туман ҳокими ушбу саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этди. У ўз нутқида инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнати беқиёс эканини таъкидлаб, уларнинг жасорати ва фидоийлиги барчага ибрат эканини қайд этди.
Шунингдек, Баҳром Норқобилов қидирув-қутқарув ишларида иштирок этган ходимларга туман аҳолиси номидан самимий миннатдорлик билдириб, уларга эсдалик совғаларини топширди.









