Пилла мавсумига старт берилди
2026-04-15 12:30:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида пиллачилик соҳасидаги навбатдаги мавсумга старт берилди. Шу муносабат билан “Қорахитой” маҳалласи Булоқ кўчаси 17-уйда яшовчи Шуҳрат Телабоев хонадонида амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбирда туман ҳокими Баҳром Норқобилов, “Агропилла” масъул ходимлари, фермерлар, пиллачилик билан шуғулланувчи касаначилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Семинар давомида мутахассислар томонидан пиллани парваришлашнинг замонавий усуллари, қуртларни тўғри озиқлантириш, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш омиллари юзасидан батафсил тушунчалар берилди. Шу билан бирга, иштирокчиларга пиллачиликни самарали ташкил этишга оид махсус йўриқномалар тарқатилди.
Тадбирда туманда фаолият юритаётган илғор пиллакорларнинг самарали меҳнати алоҳида эътироф этилди. Уларнинг иш тажрибаси бошқа иштирокчилар учун намуна сифатида кўрсатилиб, соҳада юқори натижаларга эришиш мумкинлиги амалда намоён этилди.
Шунингдек, нуронийлар иштирокида эзгу ниятлар билдирилиб, янги мавсумда пилла ҳосилининг мўл ва баракали бўлиши тилаб дуолар қилинди.
Тадбир якунида шахсан туман ҳокими томонидан бир қатор фермер ва касаначиларга пилла қутилари топширилди. Бу эса янги мавсумни уюшқоқлик билан бошлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.





