"Қизилой" ва "Сусам"да нима гап?
2026-04-10 18:40:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” тамойили асосида “оғир” тоифага киритилган маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар доимий назоратда бўлиб, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар босқичма-босқич давом этмоқда.
Шу мақсадда, Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов туман масъуллари билан биргаликда “Қизилой” ва “Сусам” маҳаллаларида бўлиб, ушбу ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг бориши билан яқиндан танишди.
Дастлаб туман раҳбари “Қизилой” маҳалласидаги маъмурий бино қурилиш-таъмирлаш жараёнини кўздан кечирди. Қурилиш ишларининг сифатли ва белгиланган муддатларда якунланиши муҳим экани таъкидланиб, бино атрофини ободонлаштириш, уни замонавий ва кўркам масканга айлантириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Шунингдек, маҳалланинг марказий кўчасида пиёдалар йўлакчаси барпо этиш масаласи муҳокама қилиниб, бу аҳоли хавфсизлиги ва қулайлиги учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ташриф давомида маҳалла биноси ёнидаги бўш турган ер майдонидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди. Хусусан, ушбу ҳудудда маҳалла гузари, мини стадион ҳамда кутубхона қуриш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар учун янада қулай ижтимоий муҳит яратиш масаласи кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллада экилган дарахт кўчатларини парваришлаш, уларни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди. Туман ҳокими маҳалла “еттилиги” билан мулоқот қилиб, ҳудудни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди ҳамда бу борадаги фаолиятни янада кучайтириш бўйича тавсиялар билдирди.
Шундан сўнг, туман раҳбари “Сусам” маҳалласида бўлиб, бу ердаги маҳалла биносида олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари билан танишди. Таъмирлаш жараёнида бинодан фақат маъмурий идора сифатида эмас, балки аҳолига кенг қамровли хизмат кўрсатувчи марказ сифатида фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Айниқса, бинода ўқув маркази ташкил этиш орқали маҳалла аҳолиси, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди.
Туман ҳокими “Сусам” маҳалласи “еттилиги” билан ҳам учрашиб, уларнинг фаолияти, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасидаги ишларини таҳлил қилди. Маҳалла тизимида самарадорликни ошириш, аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Мазкур ташрифлар давомида ҳар икки маҳаллада амалга оширилаётган ишлар “оғир” тоифадаги ҳудудларни янги қиёфага келтириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва маҳаллаларни обод ҳамда фаровон масканларга айлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.









